1-§. Умумий қоидалар
2-§. Асосий тушунчалар
3-§. Ахборотлар сиёсатининг асосий мақсади ва вазифалари
4-§. Ахборотлар сиёсатининг асосий тамойиллари
5-§. Ахборотларни ошкор қилишда қўлланиладиган воситалар
6-§. Ахборотлаштириш ва ахборотни ошкор қилиш шакллари ва йўллари
7-§. Мажбурий ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати, тақдим этиш тартиби ва муддатлари
8-§. Қўшимча ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати ва тартиби
9-§. Эркин ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати ва тартиби
10-§. Компания томонидан ошкор этилган ахборотларга изоҳлар бериш
11-§. Ахборот ошкор қилишнинг бошқа кўринишлари
12-§. Компаниянинг расмий веб-сайтида ахборотларни ошкор этиш
13-§. Бошқарув органи аъзолари, мансабдор шахслар ва ходимларнинг манфаатдор шахслар билан ахборот алмашинув тартиби
14-§. Ахборот сиёсатига амал қилиш бўйича назоратни таъминлаш чора-тадбирлари
15-§. Якуний қоидалар
1-§. Умумий қоидалар
1.Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4720-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли ҳамда 2014 йил 2 июлдаги “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 176-сонли қарорлари, Адлия вазирлигида 2012 йил 31 июлда 2383-сон билан рўйхатга олинган “Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари”, Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссиясининг 9-сонли мажлис баёни билан тасдиқланган Корпоратив бошқарув кодекси талаблари асосида ишлаб чиқилган.
2.Ушбу Низом очиқ ахборотларнинг ошкор этиш мақсадлари ва тамойиллари, компаниянинг расмий веб-сайти жумладан, бошқа ахборот каналлари орқали ошкор этилиши мажбурий ҳисобланган маълумотлар рўйхати ва уларни ошкор этиш тартиби, муддатлари, шакллари, шунингдек, компания ходимларининг очиқ маълумотларнинг ошкор этилишидаги мажбуриятлари, компаниянинг бошқарув органлари, мансабдор шахслари, ходимлари билан манфаатдор шахслар, жумладан, акциядорлар, инвесторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида маълумотлар алмашинув тартиби ва ахборот сиёсатига риоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаб беради.
2-§. Асосий тушунчалар
3.Ушбу сиёсатда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
а). Манфаатдор шахслар - компания фаолиятидан манфаат кўрувчи шахслар, жумладан, компания акциядорлари, компаниянинг салоҳиятли инвесторлари, қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари;
б). Ахборот - тақдим этиш шаклидан қатъий назар бўлган маълумот (хабар, ахборот);
в). Ошкор қилиниши мажбур бўлган ахборот – амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ошкор этиладиган маълумотлар;
г). Масъул шахслар - компания фаолиятига доир ахборотларни ошкор этадиган ҳамда уларга изоҳ берадиган компания Бошқарув аъзолари ва ходимлари;
д). Махфий ахборот - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш чекланган, давлат сирларига мансуб ахборот мавжуд бўлмаган ҳужжатлаштирилган ахборот;
е). Тижорат сири - учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг махфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни кўради;
ё). Акциялар нархинниг ўзгаришига таъсир этувчи ахборотлар –Бошқарувдаги ўзгаришлар (Акциядорлар, компания кузатув кенгаши ва Бошқаруви), компания фаолиятининг молиявий ва даромадлик кўрсаткичларининг ўзгариши, дивидендлар ҳажми ва бошқалар.
3-§. Ахборотлар сиёсатининг асосий мақсади ва вазифалари
4.Ахборотлар сиёсатининг асосий мақсади – акциядорлар, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларнинг компания ва унинг фаолияти тўғрисидаги ишончли маълумотларга бўлган талабини қондириш орқали компания фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдан иборатдир.
5.Ушбу сиёсатнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а). компаниянинг ахборотлар сиёсатининг асосий тамойилларини белгилаш;
б). барча манфаатдор шахсларга компания тўғрисида ишончли ва ҳаққоний ахборотларни ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;
в). барча манфаатдор шахсларга компания тўғрисида ахборот тақдим этиш қоида ва тартибларини белгилаш;
г). компания ахборотларининг хавфсизлигини таъминлаш;
д). компания ахборотларининг ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш ҳисобига компаниянинг инвестицион жалб этиш қобилияти ўсишини таъминлайдиган қўшимча ахборотларнинг ошкоралик тамойилларини белгилаш.
4-§. Ахборотлар сиёсатининг асосий тамойиллари
6. Ахборотлар сиёсатининг асосий тамойиллари бўлиб, доимийлик, тезкорлик, қулайлилик, тўлиқлилик, тенг ҳуқуқлилик, тенглик, ахборот ресурсларининг ҳимояланганлиги ҳисобланади.
а). доимийлик – компания фаолиятига оид ахборотларни манфаатдор шахсларга доимий тақдим этиб бориш;
б). тезкорлик – манфаатдор шахсларни компаниянинг молиявий фаолиятига таъсир этувчи муҳим воқеалар ва фактлари билан қисқа муддатларда хабардор қилиш;
в). қулайлилик – манфаатдор шахларнинг эркин фойдаланиши учун компания фаолиятига оид ахборотларни ошкор этилишини турли хил йўллар орқали амалга ошириш;
г). тўлиқлилик – манфаатдор шахсларнинг компания тўғрисида тўлиқ тассавурга эга бўлишини таъминлаш учун компаниянинг амалдаги фаолияти ва у учун салбий бўлган маълумотларни ҳам инкор этмаган ҳолда тақдим этиш;
д). тенг ҳуқуқлилик – компания фаолиятига оид ахборотларни олишда барча манфаатдор шахслар учун ҳуқуқларнинг тенглиги;
е). тенглик – компаниянинг тижорат манфаатларини таъминлаган ҳолда компания фаолиятининг очиқлилиги ва шафофлиги ўртасидаги тенглигини таъминлаш. Бунда қуйидагилар таъминланиши шарт:
-махфий ахборотларнинг ҳимояланганлиги;
-инсайдерларга доир ахборотларнинг тақдим этилишида амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиш.
ё). ахборот ресурсларининг ҳимояланганлиги –тижорат сири ёки бошқа махфий ҳисобланган ахборотларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ ахборот хавфсизлигини таъминлаш.
7.Қимматли қоғозлар эмитенти сифатида компания томонидан ошкор этилиши мажбурий ҳисобланган ахборотлар рўйхати ва тақдим этиш муддатлари амалдаги қонунчиликка асосан амалга оширилади.
8.Компания компания сирига доир маълумотларнинг хавфсизлигини амалдаги қонунчиликка асосан таъминлайди.
9.Компания ва унинг фаолияти тўғрисидаги ахборотларнинг тўлиқлилиги ва ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлик компания Бошқаруви зиммасига юклатилади.
10.Ушбу Низомга асосан ошкор қилишга мўлжалланган ахборотлар ўзбек тилида ошкор қилинади, зарур ҳолларда бошқа тилларда ҳам ошкор қилиниши мумкин.
5-§. Ахборотларни ошкор қилишда қўлланиладиган воситалар
11.Мазур Низомда кўрсатилган ахборотларни тарқатишда компания қуйидаги коммуникацион воситаларини қўллаши мумкин:
-аудиовизуал ташувчилар - видеороликлар, корпоратив видоефильмлар, теле ва радио дастурларда интервью бериш ва иштирок этиш, компанияда ва компаниядан ташқарида бўладиган мажлислар, конференциялар, маросимларда намойиш этиладиган слайдлар ва бошқа воситалар;
-ички ва ташқи мақсадлар учун тайёрланган ёзма ҳужжатлар - пресс-релизлар, нашр учун хабарлар, компания брошюралари, ходимлар учун информацион материаллар ва журналлар, оммавий ахборот воситалари учун мақолалар;
-оғзаки хабарлар - изоҳлар, интервьюлар, пресс-конференциялар, ички тақдимотлар ёки докладлар, барча йўналишлардаги оммавий тадбирларда чиқишлар;
-электрон материаллар - электрон почта, “интернет” тармоғида ресурслар, компаниянинг интернет портали, ички корпоратив тармоқ ресурслари.
6-§. Ахборотлаштириш ва ахборотни ошкор қилиш шакллари ва йўллари
12.Компания фаолияти тўғрисида тарқатилаётган ахборот 3 гуруҳга бўлинади:
- мажбурий ошкор этиладиган ахборотлар;
- қўшимча ошкор этиладиган ахборотлар;
- эркин ошкор этиладиган ахборотлар.
13.Компания ахборотнинг тарқатилишида турли хил йўллардан фойдаланишни кўзда тутади. Энг аввало, кўпчилик манфаатдор шахслар учун қулай бўлган электрон йўл орқали. Ахборот тарқатиш каналлари компания томонидан ошкор этилаётган ахборотларни манфаатдор шахслар учун эркин ва қулай бўлишини таъминлайди.
14.Мазкур Низом талабларига мувофиқ компания ОАВ вакиллари билан қуйидагича муносабатда бўлади:
-компания фаолиятидаги ҳодисалар бўйича пресс-релизлар тарқатиш;
-компания раҳбарияти билан ОАВ вакиллари ўртасида пресс-конференциялар ва учрашувларни ўтказиш;
-ОАВ вакилларининг ахборот сўровларига тезкор ва аниқ жавоб бериш;
-ОАВ вакилларини таклиф этган ҳолда конференция, семинар ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этиш;
-компания веб-сайтининг тегишли бўлимларини доимий равишда янгилаб ва тўлдириб бориш.
15.ОАВда режалаштирилган чиқишлар, ундаги ахборот таркиби, мазкур Низомга талабларига асосан, шунингдек, компания Бошқаруви томонидан белгиланади.
7-§. Мажбурий ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати, тақдим этиш тартиби ва муддатлари
16.Компания томонидан ошкор этилиши мажбурий ҳисобланган ахборотлар Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-сонли ҳамда 2014 йил 2 июлдаги “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 176-сонли қарорлари ҳамда Адлия вазирлигида 2012 йил 31 июлда 2383-сон билан рўйхатга олинган “Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари” талабларига мувофиқ амалга оширади.
17.Компания томонидан ахборотларнинг ошкор этилиши ва тарқатилиши қуйидаги йўллар орқали амалга оширилади:
-Ягона интерактив давлат хизматлари портали (қимматли қоғозлар бозори назорати бўйича масъул давлат органи расмий веб-сайти);
-фонд биржасининг расмий веб-сайти (www.uzse.uz);
-компаниянинг корпоратив веб-сайти (www.uzdon.uz) ;
-оммавий ахборот воситалари (ОАВ);
-интернет порталларида жойлаштириш;
-босма нашрларда чоп этиш;
-манфаатдор шахслар билан ахборот семинарлари ва бошқа турдаги учрашувларни ташкил этиш; (шу жумладан, телеконференциялар, веб-трансляциялар, веб-кастлар);
-амалдаги қонунчилик, компания Устави ва компания ички меъёрий ҳужжатларига мувофиқ акциядорларга ахборотлар ва уларнинг талабига биноан ҳужжатлар нусхаларини тақдим этиш;
-амалдаги қонунчилик, компания Устави, компания ички меъёрий ҳужжатлари ва компаниянинг Бошқарув органлари қарорларига мувофиқ коммуникацион воситалардан фойдаланган ҳолда бошқа йўллар билан мазкур Низомда назарда тутилган ахборотларни ошкор этиш.
18.Қимматли қоғозлар бозорини назорати бўйича масъул давлат органи ёки фонд биржаси расмий веб-сайтида мажбурий ошкор этиладиган ахборотлар;
-қимматли қоғозлар эмиссия проспекти (қимматли қоғозлар барчага сотилиши кўзда тутилган ҳолатда):
-компаниянниг йиллик ҳисоботи, шу жумладан, аудиторлик ташкилотининг хулосаси ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисобот;
-компаниянниг биринчи чорак, ярим йиллик ва 9 ойлик ҳисоботлари;
-компания фаолиятига оид муҳим фактлар.
Компания юқорида қайд этилган ахборотларининг ошкор этилиш тартиби, муддати ва тақдим этиш шаклларини Адлия вазирлигида 2012 йил 31 июлда 2383-сон билан рўйхатга олинган “Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари” талабларига мувофиқ амалга оширади.
19.Компания қимматли қоғозлари фонд биржасининг котировка листингида қўйилганда ахборотлар амалдаги қонунчиликка асосан ошкор этилади.
20.Компаниянинг расмий веб-сайти (www.uzdon.uz) орқали ахборотлар ошкор этилишини Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги “Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 176-сонли қарори талабларига мувофиқ амалга оширади.
21.Компания томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ошкор этилиши мажбурий ҳисобланган ахборотлар;
-акциядорлар умумий йиғилишининг ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлар;
-компаниянинг манзили (почта адреси) ва электрон почта адресининг ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумот;
-акция ёки эмиссион қимматли қоғоз сотиб олиш ҳуқуқига эга компания акциядорларига таклифлар;
-компания томонидан акцияларнинг қайта сотиб олиниши тўғрисидаги маълумот;
-компанияни тугатиш тўғрисидаги маълумот, шунингдек кредиторларга бўлган талабларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари.
8-§. Қўшимча ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати ва тартиби
22.Компания расмий веб-сайтини инглиз, рус ва бошқа тилларда шакллантириш билан биргаликда унга манфаатдор шахслар учун қулай бўлиши учун барча ахборотларни давлат тилида, ёки бошқа тиллардаги таржимаси билан жойлаштирилишини таъминлайди.
23.Компаниянинг расмий веб-сайтида қўшимча ошкор этиладиган ахборотлар:
-корпоратив бошқарув Кодекси тавсияларига амал қилиш мажбуриятини қабул қилганлиги тўғрисидаги ахборот;
-компания Бошқаруви тўғрисида маълумот;
-компаниянинг Бошқарув органи ва корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлигини баҳолаш натижалари;
-компания акцияларининг 20 фоизидан ортиғига эгалик қилувчи акциядорлар тўғрисида маълумот;
-соф фойданинг тақсимланиш асослари, дивидендлар ҳажми ва дивиденд сиёсатига тўғри келиши, шунингдек, зарур ҳолларда соф фойданинг бир қисмини компанияни ривожлантиришга йўналтирилганлиги бўйича тушунтириш ва иқтисодий асослар;
-акциялар котировкаси тўғрисида ахборот, шунингдек фундаментал ва техник таҳлил натижалари, мутахассислар, экспертлар ва маслаҳатчиларнинг прогноз ва шарҳлари;
-хайрия (ҳомийлик) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) бўйича қарор қабул қилиш тартиби ҳамда ҳақиқатда хайрия (ҳомийлик) ёки беғараз ёрдам кўрсатилганлиги (олинганлиги) тўғрисида ахборот.
24.Компания кузатув кенгаши ва Бошқарувини мукофотлаш ва компенсация ҳажми тўғрисидаги ахборотлар акциядорларнинг умумий йиғилишида ошкор этилади ва йиғилиш баёнига киритилади.
9-§. Эркин ошкор этиладиган ахборотлар рўйхати ва тартиби
25.Компания мажбурий ошкоралик билан бир қаторда ўз фаолияти тўғрисида компания обрўйига ижобий ҳамда унинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг нархига объектив таъсир кўрсатадиган ахборотларни эркин ошкор қилиши мумкин.
26.Компания томонидан эркин ошкор этиладиган ахборотлар:
-компаниянинг молиявий ҳолати ва фаолияти натижалари тўғрисидаги компания раҳбариятининг таҳлил ва изоҳлари;
-компания фаолиятининг устувор йўналишларидаги ўзгаришлар;
-фаолият натижалари тўғрисидаги чораклик қўшимча ҳисоботлар;
-компания тўғрисида белгиланган тартибда ошкор этилган ахборотларга ваколатли шахсларнинг изоҳлари;
-компания вакилларининг молиявий фаолият билан боғлиқ тақдимотлари ва чиқишлари;
-компания номининг ўзгариши;
-компания устав капиталининг ошиши (камайиши) тўғрисидаги қарор;
-аудитор, регистратор ёки компания депозитарийсининг ўзгариши;
-компания акциядорлари сони ҳақида маълумот;
-овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек сотувда бўлган акциялар сони тўғрисида маълумот;
-компания акцияларига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ва компания акциялари бўйича овоз бериш ҳуқуқини берадиган оддий акцияларнинг беш ёки ундан ортиғини ташкил қиладиган акциядорлари тўғрисида маълумот;
-компания томонидан ошкор этилиши маъқул деб ҳисобланган бошқа маълумотлар.
10-§.Компания томонидан ошкор этилган ахборотларга изоҳлар бериш
28.Аввал ошкор этилган ахборотларга изоҳ бериш компаниянинг масъул шахслари томонидан амалга оширилади.
29.Компания кузатув кенгаши аъзолари Кенгаш йиғилишларида кўрилган масалалар бўйича изоҳ беришлари мумкин. Компания фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳолатларда эса компания томонидан ахборот ошкор этилгандан сўнг фақатгина ўз номларидан изоҳ берадилар.
30.Бошқарув раиси ўз номидан ва компания Бошқаруви номидан изоҳлар бериши мумкин.
31.Компания ҳақидаги миш-миш гап сўзлар компания ахборот сиёсатининг предмети бўлиб ҳисобланмайди. Барча миш-миш гап сўзларга компаниянинг масъул шахслари “ахборот сиёсати миш-миш гап-сўзларга изоҳ бермасликка йўл қўяди” деб изоҳ беришлари мумкин.
Юқоридаги миш-миш гап сўзларга изоҳ бермаслик агар мазкур миш-миш гап сўзлар компания ва акциядорларига зарар келтирадиган бўлса, компания масъул шахслари томонидан ҳаққоний бўлмаган ахборотни инкор этиш бўйича чораларни кўришга тўсқинлик қилмайди.
11-§. Ахборот ошкор қилишнинг бошқа кўринишлари
32.Давлат органларидан ташқари бошқа ташкилотлар талабномалари бўйича ахборот бериш амалдаги қонунчилик талабларига асосан амалга оширилади.
33.Ташқи аудиторлик компаниялари, маслаҳат ташкилотлари ва рейтинг тақдим этувчи бошқа ташкилотлар билан бўлган ўзаро муносабатда ахборот тақдим этиш улар билан тузилган шартнома ва амалдаги қонунчилик талабларига асосан амалга оширилади.
34.Инвесторлар ва аналитиклар билан ўзаро ҳамкорликда компания ахборот ошкоралигини кучайтиришга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга ошириши мумкин, жумладан:
-компания фаолиятига доир пресс-релизлар тарқатиш;
-инвесторлар ва аналитиклар учун учрашувлар ва тақдимотлар ташкил этиш, шунингдек компаниянинг масъул шахслари сафари вақтида;
- конференц-қўнғироқлар;
-ОАВларида нашрлар, банк веб-сайтидаги янгиликлар.
12-§. Компаниянинг расмий веб-сайтида ахборотларни ошкор этиш
35.Компаниянинг расмий веб-сайти информацион-телекоммуникацион “Интернет” тармоғида компания ахборотини ошкор қилишнинг асосий манбаи бўлиб ҳисобланади. Компания веб-сайтида компания фаолияти тўғрисидаги объектив ахборотлар жойлаштирилади.
36.Компания тўғрисида ошкор қилинаётган ахборотлар информацион-телекоммуникацион “Интернет” тармоғида ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилади.
37.Компания веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотлар:
-компания фаолиятининг предмети ва мақсадлари;
-компания устави шу жумладан, унга ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда тасдиқланган бизнес-режалари;
-компанияни ривожлантиришнинг қисқа ва узоқ муддатли стратегияси тўғрисидаги ахборот;
-компаниянинг ташкилий тузилмаси, унинг таркибий бўлинмалари, филиаллари, шуъба хўжалик жамиятларининг номи, уларнинг телефонлари рақамлари, манзили (почта ва электрон манзиллари), уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
-компания раҳбарлари (кузатув кенгаши раиси ва бошқарув раиси) тўғрисидаги маълумотнома-ахборот;
-бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;
-компания ёки унинг Бошқарув органлари томонидан тузилган коллегиал ва маслаҳат органлари (Комиссиялар, Кенгашлар, Қўмиталар ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;
-компаниянинг аффилланган шахслари рўйхати;
-корпоратив бошқарув масалалари бўйича компаниянинг ички ҳужжатлари, шу жумладан, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган Корпоратив бошқарув кодекси (у мавжуд бўлганда);
-“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасига мувофиқ ошкор қилиниши керак бўлган компания фаолиятидаги муҳим фактлар;
-акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорлар бўйича овоз бериш якунлари;
-акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши, санаси, вақти, ўтказиладиган жойи, кун тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
-қимматли қоғозлар эмиссияси проспектлари, шунингдек қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиниши керак бўлган компаниянинг чораклик ва йиллик ҳисоботлари;
-компания томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, семинарлар ва брифинглар, давра суҳбатлари, расмий ташрифлар) тўғрисидаги маълумотлар, пресс-релизлар ва кундалик фаолият тўғрисидаги бошқа ахборот;
-компания томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ҳамда улар тўғрисидаги маълумотлар;
-товарларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича компания ва унинг ташкилотлари томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар (тендерлар) ва ким-ошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
-компаниянинг молия-хўжалик ҳолатини ва уни ривожлантириш динамикасини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар, компания фаолияти тўғрисидаги ахборот тусидаги таҳлилий шарҳлар;
-охирги уч йилда ҳисобланган ва тўланган дивидендлар, шу жумладан, қарздорлик миқдори тўғрисидаги маълумотлар, акциядорлар томонидан дивидендларни олиш учун боғланиш маълумотлари ва бошқа маълумотлар;
-йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисобот;
-компания томонидан акциялар сотиб олиниши тўғрисидаги маълумотлар;
-корпоратив веб-сайтдаги ахборот материалларидан бошқа шахслар фойдаланганда компаниянинг корпоратив веб-сайтига мажбурий ҳаволалар кўрсатилиши тўғрисидаги талаб;
-компаниянинг корпоратив веб-сайтида жойлаштиришни компания зарур деб ҳисоблайдиган бошқа маълумотлар.
38.Компания веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар:
-жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва компания фаолиятини холисона ёритиши;
-Компаниянинг корпоратив веб-сайтида компания сирига ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборот, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборот бўлмаслиги керак.
13-§. Бошқарув органлари аъзолари, мансабдор шахслар ва ходимларнинг манфаатдор шахслар билан ахборот алмашинув тартиби
39.Бошқарув органлари аъзолари, мансабдор шахслар ва ходимларнинг манфаатдор шахслар билан ахборот алмашинувини амалга ошириш бўйича масъул ходим тайинланади.
40.Манфаатдор шахслар томонидан ахборот тақдим этиш бўйича ёзма (электрон) мурожаат тақдим этилганда, масъул ходим мазкур Низомга мувофиқ бир ҳафта мобайнида агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, барча керакли ахборотларни электрон кўринишда тақдим этади.
41.Ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилиши лозим бўлган ҳолларда ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаш ва почта орқали жўнатиш билан боғлиқ харажатлардан ошмаган миқдорда манфаатдор шахслар томонидан тўлов амалга оширилади.
42.Акциядорлик талабига кўра акциядорлар ва инвесторларга зарур бўлган муайян (махфий ва тижорат сири бўлган ахборотлардан ташқари) ахборотлар имкон қадар қисқа муддат ичида тақдим этилади.
43.Акциядорлар компания ва компания фаолияти билан боғлиқ ҳамда хизмат ва тижорат сири ҳисобланган маълумотларни, қонунчиликка мувофиқ сир сақланадиган бошқа ахборотларни ошкор этиш ҳуқуқига эга эмас.
14-§. Ахборот сиёсатига амал қилиш бўйича назоратни таъминлаш чора-тадбирлари
44.Ушбу Низомда кўрсатилган Ахборотни ошкор қилишга ва оммавий ахборот воситаларида компания ҳақида ахборотни ошкор қилишга жавобгар шахслар компаниянинг корпоратив котиби ёки акциядорлар билан корпоратив муносабатларнинг Бошқарувдаги масъул ходими, бухгалтер, шунингдек, ваколат берилган бошқа шахслар ҳисобланади.
Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарларидан ташқари бошқа шахслар компания номидан чиқиш қилиш ҳуқуқига эга эмас.
45.Ахборотларнинг тўлиқлик, ишончлилик ва ўз вақтида ошкор этилиши бўйича жавобгарлик Бошқарув раиси зиммасига юклатилади.
46.Компания Бошқаруви ушбу Низом талабларининг ижроси бўйича ҳар чоракда компания кузатув кенгашига ҳисобот тақдим этади.
15-§. Якуний қоидалар
47.Мазкур Низомга асосан ошкор этилаётган ахборотнинг ишончлилиги ва унинг ҳолатига жавобгарлик компания Бошқаруви зиммасига юклатилади.
48.Ахборотнинг сифатли, ишончли, ўз вақтида ва тўлиқ ошкор этилиши компания Бошқаруви фаолиятининг самарадорлигини баҳоловчи мезонлардан ва унга бериладиган мукофотлашнинг шартлари бири бўлиб ҳисобланади.
49.Ушбу Низом талабларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
50.Ушбу Низом компания кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
51.Ушбу Низомга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш компания кузатув кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.
52.Ушбу Низомнинг алоҳида моддалари Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилиги ёки банк Уставига зид бўлса, ушбу моддалар ўз кучини йўқотади ва ушбу моддаларга ўзгартиришлар киритилгунга қадар компания Устави ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги нормаларига амал қилинади.